Фарғона вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳақида

Фарғона вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 2 октябрдаги “Республика тиббиёт муассасалари фаолиятини ташкил этишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 700-сонли қарорига асосан ташкил этилган мустақил бошқарув органи бўлиб, вилоят аҳолиси саломатлигини таъминлаш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш ва шу борада оммавий ахборот воситаларига эга бўлиш ҳамда улрадан фойдаланиш, фуқаролар соғлигини муҳофаза қилиш, тиббий-ижтимоий ҳимояни ташкил этиш каби вазифаларни бажаради.

Бошқарма ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш Вазирлигига, шунингдек ҳокимликка бўйсунади.

Бошқарма ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Қонунларига, Олий мажлис палатасининг қарорларига ва бошқа қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонлари, Қарорлари ва Фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш Вазирлиги буйруқлари ва фармойишларига, Вилоят Ҳалқ депутаталари кенгаши, Вилоят Ҳокими қарорларига, бошқа қонун ҳужжатлари ва бошқарма Низомига амал қилади.

Фарғона вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси юридик шахс сифатида ўзининг мустақил балансига, банк муассасаларида ҳисобот ва бошқа турдаги (шу жумладан валютага оид) ҳисоб рақамларига, Ўзбекистон Республикаси Давлат тамғаси (герби) тасвири туширилган ва Давлат тилида ўз номи ёзилган мухрга, шунингдек ўз фаолияти учун зарур бўлган бошқа атрибутларга эга бўлади.Бошқарманинг тузилмаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 2 октябрдаги “Республика тиббиёт муассасалари фаолиятини ташкил этишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 700-сонли қарорига мувофиқ илова қилинади. Зарурият бўлганда Бошқарма бошлиғи Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш Вазирлигида тасдиқлаш учун Бошқарманинг тузилмасига ўзгартириш ва қўшимчалар бўйича белгиланган тартибда таклифлар киритиш ҳуқуқига эга.

Қуйидагилар Бошқарманинг асосий таркибий бўлинмалари ҳисобланади:

Назорат инспекцияси, Вилоят ДСЭНМ, РШТЁИМФФ, вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази ва бошқа махсус стационар тиббиёт муассасалари, Вилоят қон қуйиш маркази, саломатлик ва тиббий статистика институти вилоят филиали, вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази, шаҳар-туман тиббиёт бирлашмалари, диспансерлар, акушерлик комплекслари, ихтисослаштирилган касалхоналар, хусусий тиббиёт муассасалари.

Бошқармага раҳбарликни Вилоят ҳокимининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш Вазири томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган Бошқарма бошлиғи амалга оширади. Бошқарма бошлиғи бўлмаганда унинг вазифасини ўринбосари бажаради. Бошлиқ ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишилган ҳолда бошқарма бошлиғи томонидан тайинланади ва вазифасидан озод этилади.