Фарғонада минтақалараро цитогенетик лаборатория иш бошлади

By FARSSB / On янв.07.2019 / In Вилоят янгиликлари / Width

Фарғона вилояти “Она ва бола скрининг“ марказида минтақалараро цитогенетик лаборатория ташкил этилиб, юқори технологик тиббиёт диагностика ускуналари билан жиҳозланди.
 
Мамлакатимизда оналар ва болалар соғлиғини ҳар томонлама мустаҳкамлаш, соғлом авлод туғилиши ва уни тарбиялаш учун зарур шароитларни шакллантириш, ҳомиладор аёллар ва чақалоқларда патологияни барвақт аниқлаш давлат тизимини янада ривожлантириш, болаларда ногиронликни камайтириш борасида аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилган. 
 
KMM_9476.JPG
 
Президентимизнинг 2017 йил 25 декабрдаги “2018 – 2022 йиллар даврида болаларда туғма ва ирсий касалликларни барвақт аниқлаш Давлат дастури тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда. Фарғона вилояти “Она ва бола скрининг“ маркази томонидан оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, ҳар томонлама соғлом авлодни шакллантириш, тиббий хизмат сифатини янада такомиллаштириш борасида самарали ишлар амалга оширилмоқда.
 
– Фарзанд ҳар томонлама соғлом бўлиб туғилиши, ота-она учун ҳам, жамият учун ҳам фақат қувонч келтиришига эришишимиз лозим, – дейди марказ раҳбари Манзура Салимова. – Бунинг учун марказимизда туғруққача бўлган даврда ҳомилада ривожланиш нуқсонини аниқлаш ва унинг олдини олиш тадбирларини ўтказиш (туғруққача ирсий касалликлар скрининги), ирсий ва туғма касаллик билан туғилганларга ва шундай фарзандлари бор оилаларга тиббий-генетик маслаҳат берилмоқда. Ўтган йилда марказимиз томонидан 28 минг 580 нафар ҳомиладор аёл иккиламчи скрининг текширувлардан ўтказилиб, 251 нафар ҳомиладор аёлларнинг ҳомиласида туғма нуқсонлар ривожланаётганлиги аниқланиб, ҳомилани тўхтатишга тавсия берилди.
 
KMM_9486.JPG
 
Ўтган йил ноябрь ойидан бошлаб, марказ болаларда цитогенетик тадқиқотларни татбиқ этиш ва ўтказиш учун рақамли микроскоп ва лаборатория ускуналари билан жиҳозланди. Бу эса Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида хромосома синдромларига чалинган болаларни аниқлашни ошириш ва ташхис қўйиш имконини берди.
 
Марказда Фарғона вилояти шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмаларининг бош педиатрлари, болалар жарроҳлари, неонатологлар ҳамда Андижон ва Наманган вилоятларидан генетик ва эндокринолог мутахассислари иштирокида семинар ўтказилди. Унда цитогенетик тадқиқотларни олиб бориш ҳамда хромосома синдромларига чалинган болаларга ташхис қўйиш масалалари хусусида сўз юритилди.
  
Манба:  http://uza.uz