Фарғонада «Йилнинг энг фаол ёш шифокори” аниқланди

By FARSSB / On авг.09.2018 / In Вилоят янгиликлари / Width

Вилоят касаба уюшмалари федерацияси кенгаши мажлислар залида “Йилнинг энг фаол ёш шифокори” кўрик-танловининг вилоят босқичи ўтказилди. Унда тиббиёт масканларида меҳнат қилаётган ва танловнинг қуйи босқичларида ғолибликни қўлга киритган ёш мутахассислар иштирок этдилар.

“Йилнинг энг фаол ёш шифокори” номинацияси бўйича беллашувнинг илк босқичида тиббиёт масканларида меҳнат қилаётган ўнлаб ёш мутахассис-шифокорлар қатнашдилар ҳамда уларнинг касб беллашувида ўз билим ва салоҳияти, тиббиёт соҳасидаги янги инновацион ғоя ва ишланмаларини намоён этди.
Танлов жараёнида тақдим этилган ғоя ва лойиҳанинг аҳамияти, долзарблиги, ёш мутахассиснинг касбига садоқати, фидойилиги, изланувчанлиги каби жиҳатлар билан бирга фаол фуқаролик позицияси, маънавияти каби мезонларга алоҳида эътибор қаратилди.

“Йилнинг энг фаол ёш шифокори” номинацияси бўйича ўтказилган танловда Қува тумани тиббиёт бирлашмасининг умумий амалиёт шифокори Жавохир Солиев биринчи ўринга лойиқ топилди.
– Ҳозирги кунда ер юзида инсонларни  ошқозон –ичак, ўт-тош касалликлари ҳамда ортиқча вазн ҳолатининг тарқалиш даражаси кундан-кунга ортиб бормоқда. Ўзбекистон ахолисининг 1/3 қисмида ортиқча вазн ҳолати аниқланмоқда, — дейди танлов ғолиби Ж.Солиев. -Кўрик танловга “Автомобиллар хавфсизлик камари учун махсус физиодаволовчи қурилма” лойиҳам билан қатнашдим. Мен таклиф қилаётган махсус физиодаволовчи ғилофнинг мақсади фуқароларимиз хавфсизлик камарига оддий бир буюм сифатида эмас, балки турли ҳил касалликларни олдини олувчи ва уларни даволовчи қурилманинг асосий қисми сифатида  қарашларини ривожлантиришдир ва бу орқали фуқароларимизнинг хавфсизлик камарилардан фойдаланиш фоизини ошириш ҳамда автоҳалокатлардан жабрланиш даражасини пасайтиришдир.


Фото: Муқимжон Қодиров

Шунингдек, Қувасой шаҳар тиббиёт бирлашмаси, умумий амалиёт шифокори Шохрух Ахмадалиев иккинчи, вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази, кардиохирург Жавлонбек Мўйдинов учинчи ўринни эгаллади.

Тадбир якунида ғолиб ва совриндорларга диплом ва эсдалик совғалари топширилди.


Фото: Муқимжон Қодиров

Бу тадбирдан мақсад шу соҳада меҳнат қилаётган Ёшларнинг ҳар томонлама етук мутахассис бўлиб камол топишига бўлган интилишларини қўллаб-қувватлаш, шифокорлик касби имижини ошириш, ёш шифокорлар ўртасида соғлом рақобатни шакллантириш ҳамда иқтидорли ёш шифокорларни рағбатлантиришдан иборатдир, -дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи О.Умаров.